Ўзбекистонда эндиликда оталарга ҳам «декрет» берилиши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Киритилган қонун лойиҳасида ишлаётган эркакларга фарзандли бўлганда, турмуш ўртоғига ёрдам бериш ва бошқа фарзандларига қараб туриши учун 5 календар кундан иборат қисқа муддатли таътил берилиши кўзда тутилмоқда.

Бунда ушбу 5 кунлик таътил даврида ходимнинг иш жойи ва ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

Лойиҳада шунингдек, меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш, тазйиқ ва зўравонликни тақиқлаш принциплари такомиллаштирилмоқда. Яъни, меҳнат жараёнида бошқа ходимга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки таҳдид қилган ходимни иш берувчи ташаббуси билан бошқа ишга ўтказиш ёки ишдан бўшатиш амалиёти қўлланилиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари рўйхатига киритилиб, давлат томонидан уларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар таъминланиши белгиланмоқда.