Прокуратура Қашқадарёдаги бир оиланинг 4 та аъзоси ис гази туфайли вафот этганини тасдиқлади, Ҳудудгазтаъминот эса рад этди


17-декабр куни Қарши шаҳридаги яшовчи 46 ёшли эркак ва унинг уч нафар (18, 16 ва 10 ёшли) фарзандлари иситиш тизимидан чиққан ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этди.

Лекин, Kun.uz’нинг ёзишича, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ таъминоти матбуот хизмати, газ бўлими ва ФВБ ходимлари томонидан воқеа жойи ўрганилганда газ босими, дудбуруннинг тортиш кучи меъёрда экани ҳамда ис гази сизиб чиқиши ҳолатлари аниқланмаганлигини маълум қилган ва ҳолат газ ёки ис гази билан боғлиқлиги эҳтимолдан йироқлигини қайд этган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, марҳумларнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган ва экспертизанинг маълумотида, марҳумларнинг ўлими “ис газидан ўткир заҳарланиш”дан келиб чиққанлиги кўрсатилган.

Ҳозирда текшириш ишлари давом этмоқда.