Жиззахдаги тиббиёт бирлашмасида 935 млн сўм талон-торож қилинди

Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманидаги тиббиёт бирлашмасида 935 млн 455 минг сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қайд этилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани тиббиёт бирлашмасида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг тўланиши қонунийлиги юзасидан текширув ўтказилган.

Натижада тиббиёт бирлашмасининг мансабдор шахслари 2023 йилнинг январь ойидан 2024 йилнинг ноябрь ойига қадар атайлаб 17 нафар ишчи-ходимга жами 935 млн 455 минг сўм пул маблағини иш ҳақи сифатида асоссиз равишда тўлаб бергани аниқланган. Маълум бўлишича, мансабдор шахслар ушбу пул маблағини ишчи-ходимларнинг банк карталаридан ечиб олиб, ўзларининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборишган.

Билдирилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.