Россияда мусулмонларга кўпхотинликка рухсат берилди

Россия мусулмонлари диний бошқармаси уламолар кенгаши мусулмонларга 4 тагача шарий никоҳга рухсат берди. Бу ҳақда “РБК” хабар берди.

Москва муфтийси Илдар Аляутдиновнинг хабар беришича, уламолар кенгаши эрнинг барча хотинларига адолатли ва тенг муносабатда бўлиши шарти билан тўрттагача шарий никоҳ тузишга рухсат берган.

“Агар турмуш ўртоғи соғлиғи туфайли, репродуктив ёшининг тугаши ёки бошқа объектив сабабларга кўра, масалан, жинсий номувофиқлиги сабабли фарзанд кўришга қодир бўлмаса, бунга йўл қўйилади”, деди у.
Бунда никоҳда бўлган эркак ўз хотинини бошқа аёл билан янги никоҳ тузиш нияти ҳақида хабардор қилиши керак.

“Хотиннинг мавжудлигини яшириш мутлақо мумкин эмас. Агар у (иккинчи хотин) бу ҳақда хабардор қилинмаган ва бундай вазиятга кўникишга тайёр бўлмаса, ўзининг никоҳини (исломий қоидалар бўйича тузиладиган никоҳ) бекор қилишни талаб этишга ҳақлидир”, дея қўшимча қилди муфтий.
Янги диний никоҳ тузаётганда эркак киши барча фарзандларни ўз қарамоғига олиши ҳамда васиятномани нотариал тасдиқлаши лозим бўлади.