“Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ҳамда бу борада маҳаллий ҳокимликларнинг роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди. Мазкур президент фармонга мувофиқ, ҳокимликларга қуйидаги ваколатлар берилади:
2025 йил 1 мартдан ҳудуди 10 минг метр квадратдан, баҳоланган қиймати 5 минг БҲМдан ошмаган ҳамда 6 ой давомида сотилмаган маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли кўчмас мулк объектларини 2 йил ичида янги лойиҳани ишга тушириш ва иш ўринлари яратиш шарти билан тадбиркорларга ижарага бериш вазифаси юкланади.
Бунда тадбиркорларга беришнинг махсус шартлари мавжуд.
Шунингдек, халқаро тан олинган хорижий тил ва малака сертификатларини олишга ўқитадиган маҳаллий ҳамда хорижий мутахассислар ёки ташкилотларга дастлабки биринчи йили ижара тўлови ундирмасдан 5 йил муддатга кейинчалик унинг муддатини узайтириш шарти билан ижарага беришга ҳам масъул.
Маъмурий ваколатлар
Туман (шаҳар)лар ҳокимликларига қуйидаги йўналишларда маъмурий ваколатлар берилади:
—2025 йил 1 январдан белгиланган вазирлик ва идораларнинг туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарларини масъул вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, шунингдек, тегишли масъулларга рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш;
—2025 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача белгиланган рўйхат бўйича туман (шаҳар)ларда ҳуқуқий эксперимент тариқасида туман (шаҳар) ҳокимлиги фаолиятини “Аҳоли ва тадбиркорлар манфаатларига хизмат қилиш” янгича ёндашуви асосида ташкил этиш.