Республиканинг кўчмас мулк объектларидан қанчаси кадастрдан ўтказилган?

Ер ва кадастрга оид ҳуқуқбузарлик содир этган 37 185 та шахсга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъмат Атамуратов маълум қилди.

Ер ва кўчмас мулкларни ҳисобга олиш йўналиши

Бугунги кунда республиканинг жами 44,9 млн гектар ер майдонидан 42,3 млн гектари ёки 94 фоизи “UZKAD” тизимида электрон харитаси яратилиб, 41,8 млн гектари давлат рўйхатидан ўтказилди. Аввал ҳисобга олинмаган 181,7 мингта янги объект ва 2,3 мингта объектда қўшимча қурилмалар кадастр базасида ҳисобга олиниши натижасида, бюджетга 155,8 млрд сўм қўшимча солиқ ҳисобланди.

Кўчмас мулк объектлари тўғрисида

Республиканинг жами кўчмас мулк объектлари сони 8,5 млнтани ташкил этиб, жорий йил бошига нисбатан 189 мингтага ошган. Шундан:

– якка тартибдаги турар жойлар 6,3 млнта;
– нотурар жойлар 687,7 мингта;
– кўп қаватли уйлардаги квартиралар 1,6 млнтани ташкил этади.

Жисмоний шахсларнинг жами кўчмас мулк объектлари сони 8,1 млнтани ташкил этиб, йил бошига нисбатан 109,9 мингтага ошган Жумладан:

– якка тартибдаги турар жойлар 6,2 млнта;
– нотурар жойлар 367,6 мингта;
– кўп қаватли уйлардаги квартиралар 1,5 млнта.

Юридик шахсларга тегишли кўчмас мулк объектлари сони 421,5 мингтани ташкил этиб, йил бошига нисбатан 79,1 мингтага ошган.

Бугунги кунда республикадаги жами кўчмас мулк объектларининг 5,8 млнтаси давлат рўйхатидан ўтказилган.

Ер ва кадастр назорати йўналиши

Амалга оширилган ер ва кадастр назорати тадбирлари натижасида 61 410 та ҳолатда 8 135 гектар ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш бўйича ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, берилган ёзма кўрсатмалар асосида 37 547 та ҳолатда 4 055 гектар ёки 61 фоиз ер қонунбузилиш ҳолатлари ихтиёрий равишда бартараф этилди.

Ер участкаларини қайтариш ва уларда қурилган иморатларни буздириш бўйича судларга 19 723 та ҳолатда 3 469,7 гектар даъво аризалар киритилди. Ер ва кадастрга оид ҳуқуқбузарлик содир этган 37 185 та шахсларга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилди.