Янги Олимпия циклида ўз олдига улкан мақсадлар қўйган Ўзбекистон сузиш федерациясининг ҳам навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Кун тартибидан федерацияга янги раҳбар сайлаш масаласи ўрин олди.
Федерациянинг аввалги раҳбари Қ.Саноқулов мамлакат гандбол федерацияси бошқарувига ўтгани ва юқоридаги жиҳатларни инобатга олган ҳолда, сузиш федерацияси раҳбари лавозимига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Рафиқов Қудратилла Мирсагатович номзоди илгари сурилди.
Тадбирда қатнашган делегатлар ушбу номзодни бир овоздан маъқуллашди ва Қ.Рафиқов мамлакат сузиш федерацияси раиси этиб сайланди.
Тадбир давомида федерациянинг Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаси батафсил кўриб чиқилди. Бунда терма жамоаларга хорижлик малакали мураббийларни жалб этиш, селекция йўналишига кўпроқ аҳамият бериш каби мавзулар муҳокама марказида бўлди. Шунингдек, сузиш, сув полоси, сувга сакраш ва синхрон сузиш дастурларида атлетларимизнинг Олимпиада йўлланмалари учун имкониятлари кўриб чиқилди.