Ҳукумат қарори билан кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестрини юритиш тартиби тасдиқланди.
Унга кўра, электрон реестр орқали кўп квартирали уйларни бошқариш органларини уйларга бириктириш ва уларга доир маълумотларни шакллантириш тартиби белгиланди.
Мурожаат тартиби:
Талабгорлар ёки бошқарув органлари ўз сўровномаларини Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали тақдим этишлари мумкин. Сўровномалар ЯИДХП орқали 24 соат давомида, дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар қабул қилинади.
Хизмат тўлови:
Давлат хизмати учун БҲМнинг 50 фоизи, яъни 187 500 сўм миқдорида йиғим ундирилади.
Рад этиш асослари:
Сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларда нотўғри маълумотлар кўрсатилган бўлса ёки белгиланган йиғим тўланмаса, хизмат кўрсатиш рад этилади.
Электрон реестрга кириш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар:
- Кўп квартирали уйни бошқариш учун ишчи-хизматчилар ва моддий-техник база ҳақидаги тасдиқланган паспорт;
- Тасдиқланган штатлар жадвали;
- Малака сертификати.
Мазкур электрон реестр кўп квартирали уйларни бошқариш жараёнини яхшилаш ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.