Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режаси тасдиқланди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси қарори эълон қилинди.
Унга кўра, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва тегишли вазирликлар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида аҳоли пунктлари консервация, реконструкция ва реновация зоналарига ажратилади.
Бош режанинг асосий кўрсаткичларини ифодаловчи хариталар Шаҳарсозлик кадастри геоахборот тизимида жойлаштирилади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги уч ой муддат ичида бош режанинг 2045 йилгача бўлган бош режасини амалга ошириш учун комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади.
Қарорни назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ва Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов зиммасига юкланган.
Бош режанинг асосий кўрсаткичларига кўра, шаҳар ҳудуди 43 873 гектар, аҳолиси 3 млн кишидан 7,4 млн кишигача бўлиши белгиланган. Шаҳар ҳудуди бешта функционал ҳудудларга бўлинади. Булар тураржой, жамоат бинолари, саноат ҳудудлари ва бошқалар киради. Бош режа икки босқичда (биринчиси 2030 йилгача, иккинчиси 2045 йилгача) амалга оширилади.
Бош режага мувофиқ 10 минг гектар қўшимча яшил ҳудудлар ва 15 минг гектарлик «яшил белбоғ» барпо этилади.