Ўзбекистон аҳолиси Янги йилни ёғингарчиликсиз кутиб олади

Бу йил ҳам Ўзбекистон аҳолиси Янги йилни ёғингарчиликсиз (қорсиз) об-ҳаво билан кутиб олади.

«Ўзгидромет» байрам кунлари кутилаётган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.

30 декабрда республика ҳудуди бўйича баъзи жойларда ва 31 декабрга ўтар кечаси Тошкент вилоятининг айрим жойларида ёғингарчилик кузатилади, лекин текислик ҳудудларда ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида бўлади.

Фақат тоғ олди ва тоғли ҳудудларда, шунингдек, республика шимолида баъзи жойларда ёғингарчилик қор кўринишида бўлиши кутилмоқда.

Республика ҳудудининг катта қисмида 31 декабрда кундуз куни ва 1 январда ёғингарчилик кутилмайди.
30-31 декабрь ва 1 январда ҳаво ҳарорати асосан кечалари 0-5 даража илиқ, кундуз кунлари 5-10 даража илиқ атрофида, баъзи жойларда 12 даража илиққача бўлади.

Шимолда кечалари 3-8 даража совуқ, кундуз кунлари 0-5 даража илиқ бўлади.