Наманганда тамаддихона олдига ташлаб кетилган қиз чақалоқ топилди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Ҳодиса жорий йилнинг 25 декабрь куни кечга яқин Давлатобод туманидаги тамаддихоналардан бирининг олдида содир бўлган. Шу ердаги ўриндиққа 15 кунлик чақалоқ кийим-кечаклари билан бирга ташлаб кетилган.
Чақалоқ зудлик билан туман туғруқхонасига олиб борилган. Ҳозирда унинг ҳолати қониқарли экани маълум қилинмоқда.
Давлатобод туман ички ишлар бўлими томонидан олиб борилган суриштирувлар натижасида чақалоқни ташлаб кетган аёл аниқланди. 1994 йилда туғилган аёл бу ҳаракатига оилавий муаммолар туфайли мажбур бўлганини маълум қилган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилояти бошқармаси матбуот котиби Зулайхо Зайниддинованинг маълум қилишича, она билан Давлатобод туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази психологи мулоқотда бўлган. Ҳозирда чақалоққа туғилганлик гувоҳномасини расмийлаштириш ва васийликни белгилаш ишлари олиб борилмоқда.