Шахрам Гиясовнинг айиқ билан машқ қилгани Экология вазирлиги томонидан назоратга олинди

Ижтимоий тармоқларда боксчи Шахрам Гиясовнинг айиқ билан бирга машқ қилаётгани акс этган видео тарқалди. Бу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозларига сабаб бўлди.

Айни пайтда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан бу ҳолат ўрганилмоқда. Ўрганиш натижаларига кўра тўлиқ маълумот берилади ва ҳуқуқбузарларга нисбатан қонунга мувофиқ чора кўрилади.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонлар рўйхати тасдиқланган. Ушбу рўйхатга айиқларнинг барча тури киритилган. Яъни, бошқа ҳайвонлар қаторида айиқларни ҳам давлат ва мобил циркларда (шапито) сақлаш ҳамда улардан цирк томошаларини ўтказиш мақсадларида фойдаланиш тақиқланади.