Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили хавфли озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли натижасида 600 миллионга яқин инсон зарар кўради. Байрамлар даврида бу ҳолатлар янада кўпаяди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлик қўмитаси бошқарма бошлиғи Абдураҳмон Исмоиловнинг маълум қилишича, байрам дастурхонларида хавфсизликка жиддий эътибор бериш зарур. Консерва маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини текшириш, яроқлилик муддатларига риоя қилиш, шунингдек, уй шароитида тайёрланган маҳсулотлардан эҳтиёт бўлиш жуда муҳим.
Овқатдан заҳарланиш, айниқса ботулизм каби оғир касалликлардан сақланиш учун маҳсулотларни фақат расмий савдо нуқталарида харид қилиш ва шифокор кўрсатмаларини бажариш тавсия этилди.
Мутахассислар барчани янги йил байрамларини тинч ва хурсандчилик билан ўтказишга чақиради.