1 январ куни Черногориянинг Цетине шаҳрининг тарихий марказида маҳаллий аҳоли вакили ўт очиши оқибатида 12 киши ҳалок бўлди. У ўз жонига қасд қилган.
Полиция маълумотига кўра, отишма маҳаллий вақт билан чоршанба куни соат 17:30 да Цетине чеккасидаги Баице районида рўй берган.
BBC серб хизмати хабар қилишича, ўт очишда гумонланаётган Ацо Мартинович куе давомида кафеда спиртли ичимлик ичган, кейин эса уйига бориб, қуролини олиб чиққан, мавжуд маълумотларга кўра, унда бу қурол учун рухсатнома бўлган.
Қурбонлар бешта турли нуқтадан топилган, шундан тўрт нафари — кафе ҳудудида.
Vijesti нашри ёзишича, ҳужум уюштирган шахс Цетине чеккасидаги уйи яқинида полиция томонидан қуршовга олингач, ўз жонига қасд қилишга уринган. У шифохонага олиб кетилаётганида жон берган.
Қурбонлар орасида икки бола, шунингдек, ҳужум қилган шахснинг оила аъзолари бор. Тўрт киши жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган, улардан уч нафарининг ҳаёти хавф остида қолмоқда.
Тахминларга кўра, Мартинович кафедаги баҳслашувдан кейин отишма бошлаган.
Черногория бош вазири Милойко Спаич қурбонлар хотирасига уч кунлик мотам эълон қилган ва расмийлар қурол бўйича қонунчиликни қатъийлаштириш имкониятини кўриб чиқаётганини билдирган, қуролга эгалик қилиш тўлиқ тақиқланиши мумкин..
«Миллий хавфсизлик йиғилишида шошилинч тартибда барча вариантларни, жумладан, қуролга эгалик қилишни тўлиқ тақиқлашни ҳам кўриб чиқдик, — дея ёзган Спаич Х ижтимоий тармоғида. — Қурол кўчада ва бошқаларга зарар етказадиганларнинг қўлида бўлмаслиги керак».
Черногорияда оммавий қотиллик ҳодисалари кўп учрамайди, аммо бу мамлакатда ҳам, Болқоннинг бошқа мамлакатларидаги каби 1990-йиллардаги урушдан кейин оддий одамларнинг қўлида кўплаб қуроллар қолган.
Dpa агентлигининг таъкидлашича, Черногория ва бошқа Болқон мамлакатларида кўпчилик ўқотар қуролларга лицензиясиз эгалик қилади.
Цетине — Черногориянинг қадимий пойтахти, шаҳар аҳолиси тахминан 14 минг киши. 2022 йил август ойида қуролланган шахс у ерда ўн кишини отиб ўлдирган, кейин ўзи қуролли ўткинчи томонидан ўлдирилган.
Баҳоларга кўра, Болқон мамлакатлари аҳолиси армия ва полицияга қараганда тўққиз баравар кўпроқ қуролга эгалик қилади, 2018 йилги ўқотар қуроллар бўйича глобал тадқиқотга кўра, аҳоли жон бошига тўғри келадиган қуроллар сони бўйича Сербия ва Черногория етакчилик қилган.