Жорий йил 23 декабрь куни Тошкент шаҳар Бектемир туманидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчасида туранқатор навбатлар бўйича амалдорларга мурожаат билан чиқиш қилган Ғайрат Дўстовнинг 15 суткага қамалгани ҳақида хабар қилинган эди.
Ушбу воқеа ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Айрим ҳуқуқ фаоллари, жумладан, инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Ғ.Дўстовнинг юридик ҳимояси учун чиқишди.
А.Ташановнинг Тошкент шаҳар судидаги манбаларига таяниб, маълум қилишича, Ғайрат Дўстов ва унинг адвокатлари томонидан келтирилган апелляция шикоятларига асосан унга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш жорий йил 3 январь куни кўриб чиқилади.