2025 йил 3 январь куни тонгги 4:00ларга яқин Нукус шаҳрида «Даналар» кўчасида бир нечта фуқаролар қўшнилари пичоқлаб кетилгани ҳақида ИИБга хабар берган. Воқеа жойига тезкор-тергов гуруҳи, прокуратура ва ИИВ ходимлари етиб борган.
Тезкор суриштирув ишлари давомида 2005 йил Тошкент шаҳрида туғилган ФВВ махсус муҳандислик қурилиш бошқармаси оддий аскари Гаранин Максим маст ҳолатда хизмат ўтаётган жойидаги Назорат утиш жойида хизмат утаётган оддий аскар Ф.Н.ни уриб, кўчага чиқиб кетгани аниқланган.
Шундан сўнг у Нукус шаҳри Даналар кўчасидаги хонадонлардан бирига кириб, ошхонага кириб пичоқ ва чопқини олган. Ушбу хонадонда яшовчи фарзанди билан ухлаб ётган аёлга тегажоғлик қилмоқчи бўлган. Аёл уйғониб кетиб, бақиргач, унинг турмуш ўртоғи ҳам уйғонган. Маст аскар шу вақтда унга қўлидаги пичоқ билан ташланиб тан жароҳати етказган. 28 ёшли З.Қ. олган тан жароҳатлари туфайли касалхонада вафот этган.
Шундан сўнг ФВВ аскари ушбу хонадондаги 64 ва 37 ёшли ота-ўғилга ҳам чопки билан ҳужум қилиб, турли даражадаги жароҳатлар етказган.
Бундан ташқари, аскар Нукус шаҳри Айбуйир кўчасида яшовчи 68 ва 43 ёшли ота-ўғилга ҳам тан жароҳати етказган.
Воқеа жойидан 1 дона тиғ соҳаси узунлиги 20 см, эни 8 см бўлган чопқи далил тариқасида олинган. Гумон қилинувчи қўлга олинган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uzʼга маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми ва 25, 97-моддаси (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) 2-қисми «а, л» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
“Жабрланувчиларнинг 1 нафари вафот этган, 4 нафарига шифохонада зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Нукус ҳарбий прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда” – дейилади маълумотномада.