Қарши ҳокими жавобгардикка  тортилди

Қарши шаҳри ҳокими Нормомин Ҳолбоев тадбиркорнинг савдо нуқтасини ноқонуний равишда ёпганлиги учун жавобгарликка тортилди.

Ҳолбоев тадбиркорлик фаолияти эркинлигини кафолатлаш тўғрисидаги қонунни бузиб, дўкон фаолиятини тўхтатиш ҳақида ноқонуний буйруқ берган. Ҳокимга 15 миллион сўм (40 базавий ҳисоблаш миқдори) жарима солинган эди. Бироқ, Қарши шаҳри суди 2024-йил 4-ноябрда жарима миқдорини 1 миллион 875 минг сўмга (5 базавий ҳисоблаш миқдори) туширди.

2024-йил 27-декабрь куни Қашқадарё вилояти судининг кассация инстанцияси, судя Маҳфират Очилова раислигида, Ҳолбоевнинг шикоятини қаноатлантирмади. Суд ҳокимнинг халқ депутатлари кенгаши розилигисиз уни жавобгарликка тортиш мумкин эмаслиги ҳақидаги даъвосини рад этди.

Бизнес-омбудсман вакили Шероз Шодиев тадбиркорнинг дўкони Қарши шаҳар ҳудудидан ташқарида жойлашганлигини ва ҳокимнинг ҳаракатлари ноқонуний бўлганлигини тасдиқлади. Бу ҳолат видеоматериаллар билан далилланган.

Кассация инстанцияси Қарши шаҳар судининг 2024-йил 4-ноябрдаги қарорини ўз кучида қолдирди.