«Тошкент-Шарқий» аэропорти рўпарасидаги 25,5 га ер 522,7 млрд сўмга сотилди

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Алишеробод маҳалласи ҳудудидаги 25,52 гектар ер участкаси учун аукцион якунланди. Объект савдога Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Боходир Гаибназаровнинг 17 декабрдаги қарори асосида қўйилганди.

Савдо 10 дақиқа 32 сония давом этди. Унда икки талабгор иштирок этди, бироқ Valid Trading хусусий корхонасигина 522,7 миллиард сўмлик ягона таклифни киритди. Шу тариқа ернинг бир сотихи ўртача 209 миллион сўмга (16,15 минг доллар) баҳоланди.

Ер кўп қаватли турар жой бинолари, офислар, 4−5−6 қаватли меҳмонхоналар қуриш учун сотилди.

аукцион, ворис абдувалиев, valid trading, ер участкаси, равшан джамилов, фатхулла садиков
аукцион, ворис абдувалиев, valid trading, ер участкаси, равшан джамилов, фатхулла садиков

Участка 49 йилга ижарага берилмоқда. У қурилиши давом этаётган «Тошкент-Шарқий» аэропорти рўпарасида, «Янги Ўзбекистон» боғи ва олимпия шаҳарчасидан унча узоқ бўлмаган жойда жойлашган.

Харидор 15 кун ичида тўловни тўлиқ амалга ошириш орқали 20% чегирмага эга бўлиши ёки камида 35% дастлабки тўлов билан уч йил давомида бўлиб тўлаши мумкин.

Лот ҳужжатларида ер участкаси ҳудудидаги дарахтлар, буталар ва бошқа ўсимликларни ноқонуний кесиш, илдизи билан суғориш, шикастлаш, йўқ қилиш ёки қайта экиш тақиқлангани кўрсатилган.

аукцион, ворис абдувалиев, valid trading, ер участкаси, равшан джамилов, фатхулла садиков

Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестрига кўра, Valid Trading 2019 йил февралида рўйхатга олинган, ихтисослашмаган улгуржи савдо билан шуғулланади. Раҳбари ва асосчиси Ворис Борий ўғли Абдувалиев. Устав капитали 1,04 млрд сўм.

Абдувалиев озиқ-овқат ва ичимликлар (Ferrero, Mondelez, Splat, Korona, Soyyigit, Halitlar, Aerostar) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи Тошкентдаги Gatter Group раҳбари ҳисобланади. Устав капитали 29,3 млрд сўм бўлган компания эгалари Равшан Ғайратович Джамилов ва Фатхулла Хайруллаевич Садиков (ҳар бири 50 фоиздан улушга эга).

Фатхулла Садиков, шунингдек, Mars, Wrigley, Danone ва бошқа компаниялар маҳсулотларини тарқатувчи Adler Group Distribution (47,5 фоиз, бунга Ворис Абдувалиев ҳам кирган), юк ташишга ихтисослашган Planet Service Plus (47,5 фоиз), Havas Food супермаркетлар тармоғи (70,1%) каби 20 га яқин компаниянинг акцияларига эга.

2023 йил июнида Садиков компанияси Тошкентдаги собиқ «Алгоритм» заводини 307,6 миллиард сўмга сотиб олганди.