Ботир Турсунов ШҲТ бош котиби ўринбосари бўлди

Ўзбекистонлик вакил Ботир Турсунов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби ўринбосари вазифасини бажаришга киришди, дея хабар қилмоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Дипломат 50 ёшда. У Тошкент давлат шарқшунослик институти (ҳозирги Тошкент давлат шарқшунослик университети) ва Ўзбекистон Фанлар академиясининг И.Мўминов номидаги Фалсафа ва ҳуқуқ институтини тамомлаган.

Турсунов 2005 йилдан ТИВ тизимида, марказий аппарат ва Пекиндаги элчихонада турли лавозимларда ишлаган. Шунингдек, президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори, Марказий Осиё халқаро институти директори ўринбосари лавозимларида ишлаб келган.

У 2023 йилдан ҳозирга қадар Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси маслаҳатчи-вакили, ШҲТ котибияти ҳузуридаги доимий вакил бўлиб келаётганди.