Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, метапневмовирус (HMPV — human metapneumovirus) кўплаб мамлакатларда ўнлаб йиллар давомида тарқалиб келаётган классик вируслардан биридир. У асосан ҳаво-томчи йўли орқали, камроқ даражада эса контакт-маиший йўл билан юқади. Инфекциянинг асосий белгилари: йўтал, бурун оқиши, нафас қисиши, иситма, бош оғриғи. Вирусга хос даволаш усули мавжуд эмас, фақат белгиларни енгиллаштириш учун симптоматик даволаш қўлланилади.
Бу қишда вирусга алоҳида эътибор қаратилди, чунки касаллик ҳолатлари кескин ошди, айниқса, Хитойнинг шимолида 14 ёшгача бўлган болалар орасида.
Ижтимоий тармоқларда Хитойдаги касалхоналарда ниқоб таққан одамларнинг сурат ва видеолари пайдо бўлди. Маҳаллий ҳокимият вакиллари метапневмовирус авж олиши COVIDнинг дастлабки тарқалишига ўхшашлигини таъкидламоқда. Соғлиқни сақлаш органлари вирус тарқалишининг олдини олиш ва мониторинг қилиш учун фавқулодда чоралар кўрмоқда.
2024 йил декабрь ойи охирида Тайваннинг Money UDN нашри метапневмовируснинг ўлим даражаси 43%га етганини ёзган эди. Ушбу вирус COVID-19дан фарқли равишда тезкор скрининг учун реагентларга эга эмаслиги ва метапневмовирусни аниқлаш учун реагентлар етишмаслигини қайд этган.
Қозоғистонда 2024 йил октябридан буён метапневмовирус билан боғлиқ 30 та касаллик ҳолати қайд этилди, касаллик кўрсаткичининг ўсиши 1,6%ни ташкил этди.