Ўзбекистонда ҳам метапневмовирус аниқланган — Санэпидқўмита

Ижтимоий тармоқларда метапневмовирус инфекцияси ва ушбу инфекциянинг COVID-19дан ҳам хавфли эканлиги юзасидан хабарлар тарқалмоқда. Санэпидқўмита ушбу касаллик тўғрисида маълумот берди.

Метапневмовирус биринчи марта 2001 йилда аниқланган бўлиб, асосан ҳаво-томчи йўли билан, камдан-кам ҳолатларда эса ифлосланган юзалар билан алоқа қилиш орқали юқади.  Вирусни асосан куз-қиш мавсумида фаол айланиши кузатилади.

Метапневмовирус инфекцияси, одатда бурун оқиши, йўтал ва иситма каби белгилари билан ўткир респираторли инфекциялар шаклида намоён бўлади, баъзи ҳолларда бронхиолит ва пневмонияни келтириб чиқаради.

Метапневмовирус билан касалланган одамларнинг аксарияти асоратларсиз тузалиб кетади.

Ушбу вирус билан касалланиш ҳолатлари ҳар йили дунёнинг барча мамлакатларида қайд этилади.

Бутун дунёда бўлгани каби, қўшни Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда, айни пайтда ўткир респиратор вирусли инфекциялар ва грипп билан касалланишнинг мавсумий ўсиши кузатилаётгани, шу билан бирга метапневмовируснинг ҳам қайд этилгани эълон қилинган.

Айни вақтда республикамизда ҳам ўткир респиратор инфекцияларга чалиниш ҳолатларининг мавсумий кўтарилиши кузатилмоқда.

Ушбу респиратор инфекцияларнинг сўнгги лаборатор таҳлиллари натижасига кўра: 36,9%да грипп вируси, 30,2%да риновирус, 28,6%да респиратор-синцитиал вирус, 1,2%да метапневмовирус ва 3,1%да бошқа вируслар аниқланган.

Шу ўринда фуқароларимиз ушбу инфекцияларни юқтириб олмасликлари учун:

  • профилактика ва гигиена қоидаларига риоя қилиш;
  • одамлар гавжум жойларга, айниқса ёш болаларни олиб юришни чеклаш;
  • касаллик белгилари пайдо бўлган оила аъзоларини алоҳида сақлаб, шифокор кўрсатмасига асосан даволанишни тавсия қиламиз, дейилади Санэпидқўмита ахборот хизмати хабарида.