Нью-Йорк АҚШнинг биринчи шаҳри сифатида тирбандлик ҳудудига кириш учун тўловни жорий этди

5 январдан бошлаб енгил автомобиль ҳайдовчилари тиғиз пайтларда гавжум ҳудудларга кириш учун 9 доллар тўлашлари лозим. Расмийлар бу чора туфайли ҳар куни «тирбандликни камайтириш зонаси» (Эмпайр-стейт-билдинг, Таймс-сквер, Уолл-стрит ва бошқалар)га камида 80 минг автомобиль камроқ келишини кутмоқда.

Ушбу чора Нью-Йоркдаги тирбандликка қарши курашга қаратилган. Яна бир мақсад — жамоат транспорти тизимини ривожлантириш учун маблағ тўплаш.

Таъкидлаш жоизки, Нью-Йорк икки йил кетма-кет дунё бўйича йўллар тирбандлиги бўйича биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. 2024 йилнинг биринчи чорагида Манхэттен марказида эрталабки тиғиз соатларда автомобиллар 17 км/соат тезликда ҳаракатланишган.