Гулнора Каримова манзил колонияга ўтказилди

Биринчи президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова янги йил арафасида Зангиота туманидаги 42-манзил колонияга ўтказилди. Бу ҳақда Platina.uz манбаси хабар берди.

Каримова шу пайтгача ушбу тумандаги 21-аёллар қамоқхонасида жазо муддатини ўтаб келаётган эди. У 2020 йилда 13 йилу 4 ойга ҳукм қилинганди.

Биринчи марта Каримовага 2013 йилда иш очилганди. 2015 йилда 5 йиллик озодликни чеклаш жазоси билан жазоланган. 2017 йилда эса 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган, аммо кейинроқ 5 йиллик озодликни чеклаш жазоси билан алмаштирилган.

Уй қамоғида Каримова бир қатор қоидаларни бузгани учун қайта қамоққа олинган. 2020 йилда унга янги айбловлар билан 13 йилу 4 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 2019 йилдан бери 21-аёллар колониясида жазо ўтаб келаётган эди.