Андижондаги хонадонда газ портлаши оқибатида бир киши вафот этди

Андижон вилояти Марҳамат туманидаги хонадонда 3 январ куни газ чақнади, оқибатда бир киши вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Соат 03:00 лар атрофида Шомат маҳалласи Ипак йўли кўчасида яшовчи фуқаро хонадонининг ётоқхона қисмида қўлбола усулда қурилган иситиш печини ёқмоқчи бўлиб, гугурт чаққан вақтида хонага тўпланган табиий газ ва ҳаво аралашмасидан чақнаш юз берган.

Оқибатда ушбу хонада бўлган хонадон эгаси танасининг 90 фоизи, турмуш ўртоғи танасининг 35−40 фоизи, ўғли танасининг 20−30 фоизи, қизи танасининг 70 фоизи қисми куйиш ташхиси билан туман ШТТЁБга ётқизилган.

Ҳодиса жойига туман прокурори в.б., туман ИИБ бошлиғи, туман фавқулодда вазиятлар бўлими, Марҳамат тумангаз таъминоти филиали масъул шахслари ва тезкор тергов гуруҳи чиқиб процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Ҳозирда жабрланувчилардан хонадон эгаси ва унинг ўғли туман ШТТЁбда даволанаётган бўлса, хонадон эгасининг турмуш ўртоғи Андижон шаҳрида жойлашган РШТТЁИАМда даволанмоқда ва жабрланганлардан вояга етмаган қиз олиб борилган тиббий муолажаларга қарамасдан 4 январ куни вафот этган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва сифатли олиб борилишини таъминлаш мақсадида туман прокуратураси томонидан жабрланувчиларга нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.