Ўзбекистонда электрон сигаретлар айланмасини чеклаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси маъқулланди

Президент Администрацияси топшириғи билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан мамлакатда электрон сигаретлар муомаласини чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бу ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 7 январь кунги мажлисида соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров маълум қилди.

“Одамлар оддий сигаретни ҳам чакиб юрибди-ку, нега уларни эмас, электрон сигареталарни?”, деган савол туғилиши мумкин. Оддий тамакини кўпроқ катта ёшдагилар чакса, ишлаб чиқарувчилар ўзига жалб қилувчи ҳар хил анимацион эффектларга эга ароматизаторли [электрон сигареталарни] Ўзбекистон бозорига киритганидан кейин, ёшлар, айниқса, қизлар ўртасида улардан фойдаланиш сони ошди”, — деди Асилбек Худаяров.

Вазирнинг қўшимча қилишича, бу маҳсулотлар истеъмоли, бронхит, астма, пневмония ҳамда бодроқсимон ўпка касаллигини келтириб чиқаради. Марказий нерв системаси, ошқозон-ичак тракти, буйрак-жигар функциясининг бузилиши, шунингдек, гипертония, инфаркт ҳамда инсулт каби юрак-қон томир касалликлар ривожланишига сабаб бўлади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.