Тошкент ҳайвонот боғида жирафа нобуд бўлди

Тошкент ҳайвонот боғида 8 январ куни жирафа нобуд бўлди. Бу ҳақда ҳайвонот боғи маъмурияти хабар берди.

«Биз жирафани сақлаб қолиш учун барча даволаш усулларини қўлладик. Жумладан, халқаро ветеринария видеоконференцияларида иштирок этган мутахассисларнинг ёрдами ва хорижий ҳамкасблар билан ўтказилган маслаҳатлашувдан фойдаландик», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, патологанатомик текширув натижалари жирафанинг ўлимига ошқозон бурулиши сабаб бўлганини кўрсатган.

«Барча ҳаракатларимизга қарамай, натижа фожиавий бўлди. Жирафаларнинг анатомик ва физиологик хусусиятлари туфайли, уларнинг ошқозон-ичак тизимида жарроҳлик амалиётларини ўтказиб бўлмайди. Чунки жаҳон амалиётида бундай касалликларни муваффақиятли даволаш ҳолатлари мавжуд эмас», — дея таъкидланади хабарда.

6 январ куни ҳайвонот боғи жирафа 11 кундан бери суюқлик ичишдан бош тортаётгани ҳақида хабар берган. 

«Бизнинг жирафамизда касаллик белгилари пайдо бўлганда ва «ошқозон атонияси» ташхиси қўйилганда, ҳайвонот боғи ходимлари ва ветеринарлар дарҳол даволаш ишларини бошлашди. Шу билан бирга, Россия ва Эстониядаги жирафалар бўйича етакчи ветеринарлардан маслаҳат олинди ва видео конференция ўтказилди.

Афсуски, барча ҳаракатларимизга қарамасдан, ҳайвоннинг ҳолати оғирлашмоқда. Бугун касалликнинг ўн биринчи куни бўлиб, жирафа суюқлик ичишдан бош тортяпти, кўз ўнгимизда кучсизланиб бормоқда. Ошқозон моторикасини тиклашнинг иложи бўлмаяпти», — деган Тошкент ҳайвонот боғи бош ветеринари Маҳмуд Қўзибоев.