Қозоғистонлик юк ташувчилар учун Ўзбекистонга кириш бепул — Қозоғистон Транспорт вазирлиги

Икки давлат ўртасида 2007 йилдан буён автомобил қатнови тўғрисидаги битим амал қилиб келмоқда.

Қозоғистонлик юк ташувчилар Ўзбекистонга киришда тўланадиган йиғимларни тўлашдан озод этилган. Бу ҳақда Қозоғистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазирликнинг маълум қилишича, икки давлат ўртасида 2007 йилдан буён автомобил қатнови тўғрисидаги битим амал қилиб келмоқда. 

Унга кўра, ўзбекистонлик ва қозоғистонлик юк ташувчилар йиғим ва тўловларни тўлашдан озод қилинган.

Бунга қадар ижтимоий тармоқларда қозоғистонлик ташувчилар Ўзбекистонга киришда йиғимларни тўлаши кераклиги ҳақида маълумотлар тарқалган эди. 

Маълумот учун, 2024 йилнинг 11 ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми йиллик 5 фоизга пасайган бўлса-да, $3,8 миллиарддан ошган. Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари учлигига киради.