Ўзбекистон парламентида мухолифат ҳуқуқларига оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши мумкин

2025 йилда Ўзбекистон парламентида мухолифат ҳуқуқларига оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши мумкин. Бу жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида назарда тутилган.

Қайд этилишича, парламентда мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини янада кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Қонун лойиҳасини хорижий давлатлар парламентлари тажрибасини ўрганган ҳолда ишлаб чиқиш режа қилинмоқда.

Бунда мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқлари сонини 3 тадан 6 тага ошириш ҳамда мухолифат вакиллари 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаш белгиланган.

Бундан ташқари, ҳар чоракда «ҳукумат соати» ва парламент сўрови доирасида мухолифат томонидан камида биттадан масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар беришни назарда тутилган.