Ўзбекистонда аэротакси хизмати ва VIP такси жорий этилиши мумкин

Қолаверса, мамлакатимизда бизнес авиация соҳасида 200 дан кўпроқ юқори малакали иш ўринлари яратилишига эришилади.

Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида Транспорт вазирлиги ва БААнинг нуфузли JETEX компанияси ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

Транспорт вазири Илҳом Махкамов ҳамда JETEX компанияси таъсисчиси Адель Мардини билан ўтказилган учрашувда имзоланган ушбу меморандум мамлакатимиз фуқаро авиацияси соҳасида янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун замин яратади.

Хусусан, JETEX компанияси “Тошкент-Шарқий” аэропортида FBO шаклида давлат хусусий шерикчилиги асосида VIP ва CIP мижозларга хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича инвестицион лойиҳани амалга оширади.

Ушбу лойиҳа доирасида кичик авиация соҳасида таъмирлаш, сотиш ва сақлаш хизматлари йўлга қўйилади. Аэротакси хизмати ва VIP такси жорий этилади. Бу эса ўз навбатида туризм соҳасининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади ҳамда VIP мижозлар учун қулайлик яратади.

Йўловчиларга юқори даражадаги хизмат кўрсатишни таъминлайдиган мазкур лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши пойтахтимиз нуфузи ва жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Қолаверса, мамлакатимизда бизнес авиация соҳасида 200 дан кўпроқ юқори малакали иш ўринлари яратилишига эришилади. Бир сўз билан айтганда, JETEX компаниясининг илғор тажрибасига таянган ҳолда мамлакатимизда бизнес авиациясини ишончли ва барқарор ривожланишини таъминлашга эришилди.

Эслатиб ўтамиз, Jetex компанияси 2005 йилда ташкил этилган бўлиб, 5 қитъада 30 та бизнес бирлашмасига эга глобал тармоқни ташкил этган. Бутун дунё бўйлаб 50 дан ортиқ нуқталарда, жумладан Яқин Шарқ, Европа, Осиё-Тинч океани минтақаси, Африка ва Америкада куну тун мижозларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.

FBO (Fixed Base Operator) – аэропортларда ҳаво кемалари ва йўловчиларга комплекс сервис хизматлари кўрсатувчи, хусусан, ҳаво кемаларига ёқилғи қуйиш, тўхташ жойи, ангарда сақлаш, техник ва таъмирлаш хизматларини кўрсатиш, ҳаво кемаларини ижарага бериш, чартерларни сотиш, такси ва яна бошқа кўплаб хизмат турларини кўрсатувчи ташкилотдир.