Қатардаги музокаралар давомида Исроил ва ҲАМАС гуруҳи Ғазо сектори бўйича принципиал келишувга эришди. Бу ҳақда “The Times of Israel” хабар берди.
Маълум қилинишича, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувнинг биринчи босқичида 33 нафар исроиллик гаровга олинганлар озод қилинади, ўз навбатида, Исроил ҳам фаластинлик маҳбусларни қўйиб юборади.
“Исроил ва ҲАМАС 13 январь куни кечқурун гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишиб олди”, дейилади хабарда.
Манбаларга кўра, келишув бугун, 15 январь ёки эртага, 16 январь куни эълон қилинади. Таъкидланишича, бу Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокараларда воситачилик қилган АҚШ, Қатар ва Мисрнинг қўшма баёноти бўлади. “Reuters”нинг ёзишича, ушбу битим Яқин Шарқни остин-устун қилиб юборган 15 ойлик урушнинг эҳтимолий якунига йўл очади.
“Делегациялар келишув тафсилотларини муҳокама қилиш учун Доҳада қолишда давом этмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳал қилиниши керак бўлган асосий масалалардан бири – Исроил армиясининг Ғазони тарк этишидир. Воситачилар Исроилдан армия қайси зоналарга олиб чиқилиши кўрсатилган харитани кутмоқда.