“Ташаббусли бюджет” жараёнини ўтказиш бўйича амалдаги тартибга ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда 13 январь куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
Унга кўра, ҳар йили туман ва шаҳар бюджетидан 10 тадан кам бўлмаган, кўпи билан 30 та лойиҳа учун етарли маблағ ажратилиши белгиланди. Бунда, 10 тадан ортиқ лойиҳа учун маблағлар туман ёки шаҳар аҳолисининг тегишли ҳудуддаги улушидан келиб чиқиб тақсимланади.
Қайд этиш жоиз, ҳозирги кунда лойиҳаларнинг энг юқори чегаравий қиймати 1,5 млрд сўмни ташкил этади. Шунга кўра, туман ва шаҳар бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг энг кам миқдори 15 млрд сўм, энг юқори миқдори эса 45 млрд сўм этиб белгиланди.
Шу билан бирга, маблағлардан самарали фойдаланиш ҳамда ижтимоий муаммоларга кўпроқ эътибор қаратиш мақсадида «Ташаббусли бюджет» жараёни доирасида ташкилотлар томонидан барча турдаги автомобиллар, жамоат хавфсизлигини таъминлашга оид жиҳозлар (радар, жамоат жойларидаги кузатув камералари, «светофор»), раҳбар ходимлар учун мебель жиҳозларини харид қилиш тақиқланади.
Шунингдек, ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтганлигини инобатга олган ҳолда 2О25 йил 1-мавсумдан бошлаб молиявий мустақил бўлган Олий ўқув муассасаларининг «Ташаббусли бюджет» жараёнларида иштирок этишига рухсат этилмайдиган бўлди.
Билдирилишича, туман (шаҳар) бюджетларида режалаштирилган маблағларнинг тенг ярми – биринчи мавсум учун январь ойидан бошлаб, қолган қисми иккинчи мавсум учун май ойидан бошлаб ўтказиб берилади.
Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликларига 10 кун муддатда «Ташаббусли бюджет» доирасида харид қилиниши рухсат этилган товарларнинг аниқ тавсифларини акс эттирган ҳолда қайта шакллантирилган жиҳозлар реестирини Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этиш топширилди.
Шунингдек, Камбагоалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига Иқтисодиётва молия вазирлиги билан ҳамкорликда бюджет ташкилоти ходимларини мажбурий овоз беришга жалб этиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш ҳамда ҳар мавсум якунига кўра Олий Мажлис Сенатига ахборот киритиб бориш вазифаси қўйилди.