3 та вилоятда “валютчик“лар фаолиятига чек қўйилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бўлимлари томонидан Тошкент, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида ноқонуний валюта айирбошлаш билан шуғулланиш ҳолатларига чек қўйишга қаратилган тезкор тадбирлар ўтказилди.

Департаментнинг Миробод тумани бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган Р.Д. фуқаро З.Қ.га жами 5 000 АҚШ долларини 64,9 млн сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шу каби, Департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан Қарши шаҳарида ўтказилган тезкор тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган Э.У. фуқаро Н.Ҳ.га жами 3 500 АҚШ долларини 45,2 млн сўмга сотаётган вақтида ушланиб, тадбир жараёнидан 300 АҚШ доллари, 250 евро, 135,1 минг Россия рубли ва 57 млн сўм пуллар ашёвий далил сифатида олинди.

Шунингдек, Департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси ИИБ ходимлари ҳамкорлигида Навоий шаҳри “Янгиҳаёт” МФЙ ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган Р.Ж. фуқаро Б.Н.га жами 3 500 АҚШ долларини 45,5 млн сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.