Бойсундаги “М-25” конида оловли майдонлар юзага келгани айтилди

Маълум қилинишича,“М-25” кони ҳудудида ҳеч қандай кутилмаган вазиятлар кузатилмаган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилди.

Бугунги кунда 2024 йил сентябрь ойида метан эмиссияси содир бўлган қудуқ ўрнида объектни консервация қилиш бўйича режалаштирилган ишлар олиб борилмоқда ва бу ерда доимий мониторинг юритиляпти.

604-сонли қудуқда тозалаш ишлари олиб борилаётганда қудуқдан олис ҳудудларда ер юзасига яқин жойлашган бўшлиқлар ва коллекторлардаги микро ёриқларда кичик ҳажмдаги газ тўпланган.

Айни пайтда ҳудудда кичик ҳажмда тўпланган газни ёқиш орқали зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад кислотали газларнинг атмосферага чиқишини олдини олишдан иборат.

«Ушбу жараён атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишда стандарт ёндашув ҳисобланади ва халқаро саноат хавфсизлиги талабларига тўла жавоб беради»,- дейилади хабарда.