АҚШ жанубидаги ғайритабиий совуқда ўн киши ҳалок бўлди

АҚШнинг жанубий штатларида ғайритабиий совуқ об-ҳаво туфайли ўн киши ҳалок бўлди, дея хабар беради The New York Times.

Аввалроқ Америка ОАВлари тўрт нафар қурбон ҳақида хабар берган эди.

Техас, Алабама ва Жоржия штатларида ва бошқаларда ўлим ҳолатлари қайд этилган.

АҚШ об-ҳаво хизматлари шиддатли совуқдан зарар кўрган ҳудудлардаги аҳолири ўз транспорт воситаларидан фойдаланмасликка ва уйда қолишга чақирмоқда. Чунки сўнгги кунларда бутун мамлакат бўйлаб совуқ юзлаб йирик бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлди.

Техаснинг Хюстон шаҳридаги иккита аэропортида барча рейслар бекор қилинди. Умуман олганда, сўнгги уч кун ичида мамлакат бўйлаб 2000 дан ортиқ рейслар бекор қилинган, яна 13 мингтаси кечиктирилган.

Аксарият жанубий штатлар, жумладан, Луизиана, Миссисипи ва Алабама штатлари қор бўрони туфайли ўз тарихларида биринчи марта фавқулодда ҳолат эълон қилди. Кўплаб мактаблар ўз фаолиятини тўхтатди.

Дам олиш кунлари АҚШни Арктика циклони қоплаб олди. Экстремал об-ҳаво яна бир неча кун давом этиши прогноз қилинмоқда.