ЖБ Ўзбекистоннинг 2024 йилдаги иқтисодий ўсишини 6% га баҳолади

Жаҳон банки глобал иқтисодиёт ва алоҳида минтақалар, жумладан, Европа ва Марказий Осиё (ЕМО) учун тенденциялар, прогнозлар ва хавфларни таҳлил қилувчи «Глобал иқтисодий истиқболлар» ҳисоботининг сўнгги нашрини эълон қилди.

Жаҳон банки иқтисодчиларининг баҳоларига кўра, Ўзбекистон ЯИМи ўсиши 2024 йил охирида 6 фоизни ташкил этди. Ташкилотнинг Ўзбекистонга 2025 йил учун прогнози 5,8 фоизни, 2026 йил учун эса 5,9 фоизни ташкил этади, бу ЕМО минтақасидаги давлатлар орасида энг юқори кўрсаткичлардан бири. Бу банкнинг октябрь ойидаги аввалги прогнозига мос келади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати 2024 йилда иқтисодий ўсишни 6,5 фоиз — 115 миллиард долларгача баҳолаган эди. 2025 йил учун ЯИМ ўсиши прогнози 6 фоизни ташкил этади, инфляция 7−8 фоизгача пасайиши кутилмоқда.

жаҳон банки

ЕМО минтақасидаги тенденциялар

Бутун Европа ва Марказий Осиё минтақасида 2024 йилда иқтисодий ўсиш суръати 3,2 фоизгача пасайди, дея қайд этди Жаҳон банки. Бу пасайиш, асосан, Россия ва Туркиядаги иқтисодий ўсишнинг заифлашиши билан боғлиқ.

Бундан ташқари, Россиянинг Украинага босқини минтақадаги иқтисодий фаолиятга салбий таъсир кўрсатишда давом этмоқда, дея таъкидлади банк.

ЕМО минтақасида инфляциянинг секинлашуви тўхтади, асосий инфляция юқорилигича қолмоқда, базавий инфляция эса пандемиядан олдинги даражадан икки баравар юқори.

Хомашё нархларининг пасайиши вазиятни бироз юмшатди, бироқ меҳнат бозорларидаги кескинликлар, айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасида иш ҳақига босим юқорилигича қолмоқда, дея қайд этди ЖБ.

Шарҳда айтилишича, пул ўтказмалари оқими секинлашганига қарамай, Жанубий Кавказнинг қатор мамлакатларида Россиянинг Украинага босқинигача бўлган даражадан юқорилигича қолмоқда.

Шу билан бирга, экспертларнинг қайд этишича, Марказий Осиё мамлакатларига, хусусан, Тожикистонга пул ўтказмалари ҳажми барқарорлигича қолмоқда, бу эса аҳолининг шахсий истеъмоли даражасини сақлаб қолишга хизмат қилмоқда.

Прогнозлар

Жаҳон банки прогнозларига кўра, ЕМО минтақасида иқтисодий ўсиш 2025 йилда 2,5 фоизгача секинлашади, кейин эса 2026 йилда 2,7 фоизгача ўсади.

Россия, Туркия ва Украинани ҳисобга олмаганда, минтақада ўсиш 2025−2026 йилларда 3,3 фоизга ошиши кутилмоқда.

Товар нархларининг пасайиши ва меҳнат бозоридаги кескинликнинг юмшаши туфайли инфляция аста-секин секинлашиши кутилмоқда. 2025 йилда ЕМО минтақасидаги мамлакатларнинг ярмида давлат қарзи ошиши кутилмоқда.

Рисклар

Прогноздаги риск даражаси иқтисодий ўсишнинг эҳтимолиф секинлашувидан далолат беради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, иқтисодий сиёсат бўйича глобал ноаниқлик кучаймоқда.

Масалан, айрим мамлакатлар қўшимча савдо чекловларини жорий этиши жаҳон савдоси соҳасидаги вазиятни янада оғирлаштириши ва ЕМО минтақасининг иқтисодий кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Барча ЕМО мамлакатларида ҳарбий харажатлар ортди. «Россиянинг Украинага босқини оқибатида юзага келган можаронинг ҳар қандай эскалацияси минтақадаги вазият янада ёмонлашишига олиб келиши мумкин», — дея таъкидлади ЖБ.

Россияда ўсиш суръатларининг кутилганидан пастлиги Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин, бу, биринчи навбатда, пул ўтказмаларининг камайиши билан боғлиқ, дейди таҳлилчилар.

Марказий банклар инфляция мақсадларига яқинлашишда давом этиши кутилмоқда, аммо минтақавий инфляциянинг пасайиши янада секинлашиши мумкин, фоиз ставкаларининг навбатдаги ўсиши ва уларни узоқ вақт давомида юқори даражада ушлаб туриш эса, эҳтимол, иқтисодий ўсишни чеклайди, деб ишонади ЖБ.

Қурғоқчилик ва сув тошқинлари каби экстремал об-ҳаво ҳодисаларига таъсир қилиш билан боғлиқ иқлим хавфлари ҳам минтақа учун асосий муаммо бўлиб қолмоқда.