Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов биринчи иш кунини Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасини текширишдан бошлади. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеода янги ҳоким тиббиёт бирлашмасида санитария қоидаларига амал қилинмаганини, баъзи бепул дорилар пулга сотилаётганини танқид қилган.
Эркинжон Турдимов 6 йил Самарқанд вилояти ҳокими бўлган пайтда жамоатчилик уни доим яхши ишлаган ҳоким сифатида эътироф этган. Бироқ 2024 йилнинг 28 ноябрда Турдимов Самарқанд вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди. Яхши ишлаётган ҳокимнинг ишдан кетиши ижтимоий тармоқларда соғлиғидаги муаммолар сабаб деб изоҳланган бўлсада, орадан кўп ўтмай Сирдарё вилоятига ҳоким этиб тайинланди.
Янги ҳоким ўз ишини танқидий таҳлилий йиғилиш ҳамда вилоятдаги тиббиёт соҳасини назоратга олишдан бошлади. Ҳоким йиғилишда маҳалла еттилиги тизимини ишлатиш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтган.
Бундан ташқари тиббиёт бирлашмасидаги танқидлари ҳокимнинг ўзи билан пиар компанияси ҳам келганмикан деган саволни ҳам ўртага чиқаради. Ижтимоий тармоқ фаоллари ҳокимнинг тиббиёт бирлашмасидаги танқидларини ва бу танқидлар камерга олиниб ижтимоий тармоққа қўйилганини пиар билан баҳоламоқда.
Одатда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг пиар компанияси ушбу йўлдан фойдаланади, фаоллар ҳам уни пиарчи ҳоким деб аташади. Эркинжон Турдимовнинг ҳам видеода айтилган танқидлари фақатгина камера учунмикан, ёки ҳақиқатми?
Агар бу танқидлар ва текширувлар пиар ва хўжакўрсинга бўлмаса, Сирдарё вилоятида ҳам катта ўзгаришлар бўлиши мумкин.