Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йилга мўлжалланган режалар муҳокама қилинди. Йиғилишда “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилиши маълум қилинди.
Эндиликда массивлар учун ажратилган ерлардан фойдаланишда қатъий талаблар ўрнатилди:
- Лойиҳалаш муддати 2 ойдан ошмаслиги, қурилиш ишлари эса 3 ойдан кечиктирилмаслиги шарт. Агар бу талаб бузилса, ер қайтариб олиниб, қайтадан аукционга қўйилади.
- Лойиҳа экспертизасини белгиланган муддатда ўтказмаган ташкилотларнинг лицензиялари тўхтатиб қўйилади.
Шунингдек, қурилиш жараёнида “эскроу” тизими жорий этилмоқда. Ушбу тизим девелоперларга янада қулай шароитда маблағ жалб қилиш имконини яратиб, уйларни молиялаштиришни қурилиш бошиданоқ бошлаш имконини беради.
Фуқаролар учун ҳам қулайликлар яратилади:
- Қурилиш бошидан ипотека кредитлари ва субсидиялар олиш имкони,
- Уй битмасидан олдин уни сотиш ҳуқуқи берилади.
Йиғилишда таъкидланганидек, девелоперлар томонидан объектнинг 50 фоизи қурилганда, фуқаролар кредит ва субсидия олиши мумкин бўлади. Ушбу тартиб нафақат имтиёзли, балки тижорат ипотекаси учун ҳам татбиқ этилади.
Қурувчи ташкилотлар қурилишни бошлаганидан якунлагунича, лекин кўпи билан 12 ой давомида ер солиғи тўлашдан озод қилинади. Объект муддатида топширилмаса, девелопер ер солиғини 2 карра миқдорда тўлайди.
“Янги Ўзбекистон” массиви учун берилган ерларнинг 10 фоизи девелоперларга тижорат биноларини қуриши учун ягона лот сифатида савдога чиқарилади.
Бу уйларни пастки қаватида хусусий боғча ташкил қилишга рухсат берилиши, улар мулк солиғидан ҳам озод қилиниши таъкидланди.
Ҳокимларга бу массивларга кўчиб келадиган аҳолининг талабини ҳисобга олиб пастки қаватларда боғча ташкил қилишни бошлаш топширилди.