Алишер Қодировнинг фикрича, газдан қимматли экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариб, уни хорижга сотиш орқали кўплаб иш ўрни яратиш мумкин. Бу ҳақда у ўзининг телеграм каналида ёзиб қолдирган.
Депутатга савол: Одамлар тиллақатори газни чекка қишлоқларда уй иситиш уёқда турсин овқат қилишга топа олмаётган пайтда, сиз қайси қоракўзларни иш билан таъминлаб, қайси бирини косаси оқармасликда айблаябсиз?
Алишер Қодировнинг фикрича, ўзи газ захираларига эга бир пайтлар собиқ энергетика вазири айтган 3 та Ўзбекистонни таъминлашга етадиган газни уй иситиш ва овқат пиширишга ишлатиб юбориш билан халқнинг косаси оқармайди.
Депутат ўз нутқида “Газ қиммат ресурс, 1 куб газдан 10 га яқин юқори қийматли, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш, хорижга сотиш ва унинг пулига миллионлаб қоракўзларимизга иш ўрни яратиш мумкин” эканлигини таъкидлаган.
Тиллақатори газни русга сотилгани ёки сотилаётганини косаси оқармайдиган халқ яхши билади, яхши билсада ўзи учун газнинг ўрнига муқобил вариант топган, яхши билсада газ қуйиш шахобчаларида кунлаб навбат кутади, адолат талаб қилса 15 суткага қамалиб байрамни зах қоронғу жойда оиласидан узоқда кутиб олади.
Шунингдек, депуатат “Электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириб газ ўрнига электр энергияси ишлатишни ўрганишимиз керак. Янги қуриладиган уйларда энергия манбаси сифатида фақат электр энергиясини рағбатлантириш таклифини қўллаб-қувватлаймиз”, деган фикрларни ҳам айтиб ўтган.
Электр энергияси алоҳида масала бу фикрни қўллаб-қувватласа бўлади. Лекин янги қурилган уйлар электр энергияни асосий манбага айлантиришдан олдин, уйлар билан боғлиқ мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўлини кўриш лозим. Масалан, янги уйлардаги бир марталик узоққа бормайдиган таъмир, мендан кетгунча қилиб янги уйларнинг канализация тизимини эски кўп қаватли уйларнинг канализация тизимига қўшиб юбориш масаласини кўтариш керак.
Маълумот учун, Алишер Қодиров бундан олдин хорижда ишлаётган мигрантларга солиқ солиш кераклиги ҳақида фикрни илгари сурган эди.