Ўзбекистон Бош прокуратураси мансабдор шахсларнинг 2024 йилдаги жиноятчилиги таҳлилини эълон қилди.
Унга кўра, 2024 йилда 3821 та жиноят иши қўзғатилиб, 4906 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилди. Бу кўрсаткич 2023 йилдагига нисбатан ортган (3575 нафар мансабдорга 3412 та жиноят иши).
2024 йилда жиноий жавобгарликка тортилган мансабдорларнинг 71 нафари республика миқёсидаги ходимлар, 410 нафари вилоят миқёсидаги ходимлар, 4425 нафари туман (шаҳар) миқёсидаги ходимлар бўлган. Ўтган йилги кўрсаткич билан таққослаганда, республика миқёсидаги ходимларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши ҳолатлари кўпайган.
Уларнинг қилмиши ортидан 2024 йилда 3 триллион 608 миллиард сўм миқдорида зарар етказилган, шундан 65 фоизи ундирилган (2 триллион 343 миллиард сўм).
Жавобгарликка тортилган мансабдорлар энг кўпи — 2929 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш жиноятини содир этган. Ундан кейинги ўринда фирибгарлик жинояти — 447 нафар. Пора олди-бердиси, унда воситачилик қилиш жинояти эса учинчи ўринда — 353 нафар.
Мансабдорларнинг 226 нафари мансаб ваколатини суиистеъмол қилган, 13 нафари ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиққан, яна 13 нафари мансаб сохтакорлигига йўл қўйган, 40 нафари мансабга совуққонлик билан қараган. Қолган 885 нафари эса бошқа жиноятларни содир этган.