“Тараққиёт стратегияси” маркази ва ISIS Malaysia ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Ўзбекистоннинг “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Малайзиянинг Стратегик ва халқаро тадқиқотлар институти (ISIS Malaysia) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандум “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков бошчилигидаги делегациянинг Малайзияга амалий ташрифи доирасида имзоланди. Ушбу келишув икки ташкилот ўртасида стратегик ҳужжатларнинг ижросини мониторинг қилиш, ўзаро тажриба алмашиш ва умумий мақсадларни тадқиқ қилиш учун имконият яратади.

Малайзиянинг Стратегик ва халқаро тадқиқотлар институти 1983 йилда мустақил нотижорат тадқиқот ташкилоти сифатида таъсис этилган. Институт ташқи сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, давлат бошқаруви, ижтимоий сиёсат, технологиялар, инновациялар ва атроф-муҳит каби соҳаларда тадқиқотлар ўтказиб келади. Шунингдек, институт экспертлари Малайзиянинг муҳим концептуал ҳужжатлари, жумладан, “Vision 2020” стратегияси, “Иқтисодиёт бош режаси” ва “Малайзия Мадани” концепциясини ишлаб чиқишда фаол иштирок этган.

Ўзбекистоннинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва Малайзиянинг “Малайзия Мадани” концепцияси мақсадларида ўхшашликлар мавжуд бўлиб, меморандум асосида ушбу ўхшашликларни ўрганиш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш режалаштирилган.

Ташриф доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази делегацияси Ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар маркази директори Ли Хен Гуе билан учрашув ўтказди. Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ли Хен Гуе икки давлатнинг ўз минтақаларидаги илғор иқтисодий давлатлардан бири эканлигини таъкидлади ва ушбу салоҳият Марказий Осиё ҳамда АСEАН ҳудудида ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши мумкинлигини қайд этди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари Элдор Туляков ҳам Малайзиялик ҳамкорларга “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Марказнинг фаолияти ва мамлакатдаги муҳим ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, делегация Малайзия Федерал суди Марказий аппарати раҳбари Замри Бин Ҳожи Бакар билан учрашув ўтказди. Учрашувда суд тизимида ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди. Элдор Туляков Ўзбекистонда судлар мустақиллигини янада ошириш бўйича “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида эришилган ютуқлар ҳақида маълумот берди. Замри Бакар эса Ўзбекистоннинг қисқа муддатда суд тизимида катта ижобий ўзгаришларга эришганини қайд этди.

Якунда томонлар ўзаро манфаатли соҳалар бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар.