Тошкент шаҳрида реклама видеосида писта пўчоғини ерга ташлаган шахс жазоланди

Тошкент шаҳрида инглиз тили курсларини реклама қилиш мақсадида кўчага писта пўчоқларини  ташлаган фуқаро жаримага тортилди. Бу ҳақда шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоққа жойланган видеороликда Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрдаги Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунининг 22-моддаси (Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш шартлари), 45-моддаси (Табиатни чиқиндилар билан ифлосланишдан муҳофаза қилиш), Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 91¹-моддаси (Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш) 1-қисми талаблари қўпол равишда бузилган.

Видеода бир қиз писта чақиб тургани ва пўчоқларини ерга ташлагани, шунингдек, писталари солинган қоғозни ҳам ерга ташлагани тасвирланган. Қоғозда эса реклама қилинаётган ўқув марказининг номи келтирилган.

Ҳолат бўйича ҳуқуқбузарликни содир этган фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91¹-моддасининг 1-қисми билан БҲМнинг 2 баравари, яъни 750 минг сўм миқдорида жарима белгиланиб, маъмурий баённома расмийлаштирилган ҳамда тушунтириш ишлари олиб борилган.