“Довуд ота” постидан Қозоғистонга ўтиш ва қайтиш 1 февралдан уч ойга тўхтатилади

Бу вақтда таъмирлаш ишлари олиб борилади. Фақат рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари ҳаракатланиши мумкин бўлади.

Қозоғистон Республикасининг “Тажен” (Ўзбекистон Республикасининг “Довуд ота”) чегара ўтказиш пункти орқали шахслар, енгил автомобиллар, автобуслар ҳамда рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ошмайдиган юк автомобиллари ҳаракати 2025 йил 1 феврал санасидан бошлаб 3 ой муддатга вақтинча тўхтатилади.

Мазкур чекловлар чегара ўтказиш пунктларида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан Қозоғистон Республикаси томонидан жисмоний шахслар ва транспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда. 

Шу сабабли ушбу давр мобайнида “Тажен” (Қозоғистон) – “Довут ота” (Ўзбекистон) чегара ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланувчи шахслар, енгил автомобиллар, автобуслар ҳамда рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ошмайдиган юк автомобиллари “Яллама”, «Зангиота (Навоий чегара божхона пости)», “Оқ олтин” ва “Малик” ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланишлари мумкин бўлади.

Шунингдек, жисмоний шахслар учун «Қорақалпоғистон» темир йўл ўтказиш пункти орқали йўловчи поездлари ҳаракатланишини маълум қилинди.

Рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларининг “Тажен” (Қозоғистон) – “Довут ота” (Ўзбекистон)  чегара ўтказиш пункти орқали ҳаракати узлуксиз давом эттирилади.