Ўзгидромет маълумотларига кўра, 28 январь куни Қорақалпоғистон ва Хоразмнинг айрим ҳудудларида бироз қор ёғиши, Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида кечаси ёмғир ёки қор бўлиши мумкин.
Қолган ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кундузи 5-10 даража илиқ, шимолий ҳудудларда 2 даража совуқ – 3 даража илиқ атрофида бўлади.
29-31 январь кунлари совуқ ҳаво массалари бутун мамлакат ҳудудига тарқалади. Ҳаво ҳарорати кечаси 0-5 даража совуқ, шимолий ҳудудларда 8 даражагача совуқ бўлиши мумкин. Жанубий ва марказий ҳудудларда ёғингарчилик, асосан қор ёғиши кутилмоқда.
Шамол шарқдан ғарбий йўналишга ўзгариб, 7-12 м/с тезликда эсади. Туман тушиши ва Тошкент ҳамда Наманганнинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи мавжуд.