2024 йилда кредит расмийлаштиришга оид фирибгарлик ҳолатлари 42% га ошган – Омбудсман

2024 йилда Омбудсманга фуқаролардан иқтисодий ҳуқуққа оид 6 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 9 фоизи фирибгарлик ҳолатлари билан боғлиқ.

Фуқароларнинг шахсий маълумотлари асосида турли тижорат банкларидан кредит ажратиш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайган. 2023 йилда шундай мурожаатлар сони 110 тани ташкил қилган бўлса, 2024 йилда бу рақам 42 фоизга ошган.

Мурожаатларнинг 60 фоизида ўзини “Click” компанияси ёки Марказий банк ходими сифатида таништирган шахслар фуқароларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланган ҳолда, онлайн кредитлар расмийлаштирган. Айрим ҳолатларда эса бир шахс номига 5-6 та тижорат банкларидан кредитлар расмийлаштирилган.

Марказий банк томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2024 йилда фирибгарлик йўли билан фуқаролар номига онлайн кредит ажратиш орқали 463 та ҳолатда қарийб 15 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган.