“Uzbekistan Airways” компанияси Алишер Қодировнинг давлат тилига ҳурматсизлик ҳақидаги шикоятларига жавоб берди.
“Миллий тикланиш” партияси раҳбари авиакомпания самолётларида захира чиқиш эшикларидан фойдаланиш бўйича йўриқномалар ўзбек тилида йўқлигидан норозилик билдирди. Депутат барча нарса уч тилда ёзилганини, аммо бу муҳим йўриқнома фақат рус ва инглиз тилларида эканлигини таъкидлади.
Бугунги матбуот анжуманида “Uzbekistan Airways” бошқаруви раиси Шухрат Худойқулов сиёсатчи йўриқномани шунчаки очиб кўриши керак эканлигини таъкидлади. Шунингдек, авиакомпания вакиллари йўриқнома ўзбек тилида икки вариантда – кирилл ва лотин алифбосида тақдим этилганига эътибор қаратди.
“Биз матбуотда нима ёзилаётганини диққат билан кузатиб борамиз. Қодиров жаноблари жуда муҳим масалани кўтарди. Махсус ушбу тадбир учун мен бортдан йўриқнома материалини олиб келишни сўрадим. Бу ерда ҳамма нарса уч тилда, уни очиб, ўзбек тилидаги матнни кўришимиз мумкин”, – деди у.