2023 йилдан таълим муассасаларига хорижлик педагоглар “тил эгалари” сифатида инглиз, немис, франсуз тилларидан дарс бериш учун жалб қилинди. 2024-йилдан бошлаб “тил эгалари” сони 1 500 тага етказилиб, 2025-йилда эса хориждан жалб қилинган чет тили фани мутахассислари сонини 2 000 нафарга етказиш режа қилинаётгани ва Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳам бундай мутахассисларни жалб қилишдан кўплаб хорижий давлатлар фаол фойдаланишини таъкидлаб ўтган эди.
Бироқ, Ўзбекистонга жалб қилинаётган тил эгалари яъни хорижлик мутахассислардан бири Реддит ижтимоий тармоғида Ўзбекистондаги саргузаштларини тасвирлар экан, унинг шартномасида Юнусобод туманидаги (Тошкент шаҳри) мактабга жойлаштириш ёзилган бўлса-да, унга Денов туманини (Сурхондарё вилояти) таклиф қилинганини, у рад қилганидан кейин меҳмонхонадан квартирага, квартирадан бошқа меҳмонхонага кўчиб ўтишга мажбур бўлиб, охири қилинган харажатлари учун компенсация олишга муваффақ бўлиб Ўзбекистонни тарк этгани ҳақида ёзади.
Шунингдек, у вазирликда тўқнаш келган мутахассисларга “нопрофессионал” деб таъриф беради ва уларнинг «юзига қараш кўнглимни айнитади» деб ёзади. Пост муаллифи ўз саргузаштлари баёнини шундай якунлайди: «Ўзбекистонда кўп яхши одамларни учратдим, овқати ҳам яхши эди.
Бахтга қарши уларнинг ҳаммаси какистократияда (энг ёмон, энг кам малакали ёки виждонсиз фуқаролар томонидан бошқариладиган ҳукуматдир) яшашади».
Маълумот учун, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бир неча йилдан буён мактаб дарсликларидаги саводсизлик, вазифаларнинг қийинлиги борасидаги фикрларга ҳам очиқча изоҳ бермаган.