Ўзбекистонда ипотека кредитини анча камроқ одам олмоқда. 2024 йилда ипотека кредити олганлар сони 9,5 минг нафарга камайиб, 58,9 мингтага тушди.
Бутун йил давомида уй сотиб олиш учун 17,1 трлн сўм ажратилди. Бу 2023 йилга нисбатан 246,7 млрд сўмга кам.
Ажратилган ипотека кредитларининг 66 фоизи янги уйларга, 34 фоизи эски уйларга берилди. Аёллар ва эркаклар ўртасидаги нисбат 63 фоизга 37 фоиз бўлди.
Банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан берилган ипотека кредитларининг ўртача фоиз ставкаси йилдан-йилга ошмоқда. 2022 йилда бу кўрсаткич 23,3 фоиз бўлса, 2024 йилга келиб 24,8 фоизгача ўсди.
Кам фоизли ипотека кредитлари энг кўп Тошкент шаҳри, Фарғона ва Андижон вилоятлари аҳолиси томонидан олинган.
Ипотека кредитларини олган фуқароларнинг ёши бўйича таҳлил шуни кўрсатадики, 31—50 ёш оралиғидаги фуқаролар энг кўп улушга эга — жами мижозларнинг 68 фоизи айнан шу тоифага киради. 18—30 ёшдаги фуқаролар эса 22 фоизни ташкил қилади. 50 ёшдан юқори фуқаролар улуши эса 10 фоиз бўлиб, бу тоифага 5 626 фуқаро киради.