100 мингта объектда, 150 мингта хонадонда жами 600 МВт қувватда қуёш панели ўрнатилади — Бош прокуратура

Куни кеча Давлат раҳбари ҳузурида ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокурор ўринбосари Ш.Аминов томонидан ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика штабининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда, Энергетика ва Ички ишлар вазирликлари, Департамент, Ўзэнергоинспекция, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Ҳудудгазтаъминот” жамиятлари ва уларнинг ҳудудий тузилма раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарлари ҳамда прокурорлар қатнашди.

Унда, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларини олдини олиш ҳамда энергоресурсларни иқтисод қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар аҳволи танқидий муҳокама қилинди.

Масъулларга Давлат раҳбарининг ҳузурида ўтказилган йиғилишида 100 мингта объектда, 150 мингта хонадонда жами 600 МВт қувватда қуёш панели ўрнатилиши бўйича берилган топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида жойларда маҳаллий ҳокимликлар, божхона, Ўзэнергоинспекция, тижорат банклари, таъминот корхоналари ва бошқа тегишли идоралардан иборат ишчи гуруҳ тузиш бўйича кўрсатма берилди.

Шу билан бирга, иқтисод қилишнинг қўшимча манбаларини аниқлаш, реактив батарея ўрнатиш бўйича улгуржи истеъмолчига ёзма кўрсатма бориш, икки босқичлига ўтказиш, ностандарт газ ёндиргичларни алмаштириш бўйича туманлар кесимида ойма — ой график ишлаб чиқиш, 400 та йирик истеъмолчиларда энергоаудит ўтказиш юзасидан топшириқлар берилиб, ижроси Республика штаби томонидан алоҳида назоратга олинди.

Бундан ташқари, берилган топшириқларни белгиланган муддатларга бажариш, мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш, шунингдек йўл қўйилган камчиликлар юзасидан масъуллар танқид қилиниб, огоҳлантирилди.