АҚШда 975 нафар ўзбекистонлик ноқонуний мигрант депортация хавфи остида турибди. Улар Иммиграция ва божхона назорати (ICE) агентлиги тизимида депортация тўғрисидаги якуний қарорни олган, аммо ҳозирда ҳибсда бўлмаган 14 миллион норезидент рўйхатига киритилган.
Fox News’нинг хабар беришича, рўйхатда энг кўп фуқаролари бўлган давлатлар қаторига Гондурас (261 651), Гватемала (253 413), Мексика (252 044) ва Сальвадор (203 822) киради. Хитой, Гаити, Венесуэла каби мамлакатлардан ҳам ўн минглаб одамлар депортация хавфи остида.
АҚШ ҳукумати ноқонуний муҳожирларни қайтариш жараёнида қийинчиликларга дуч келмоқда, таъкидлади нашр. Хусусан, айрим давлатлар ўз фуқароларини қабул қилишдан бош тортаётган бўлса (Хитой, Россия, Эрон ва Куба каби 15 давлат), баъзи шахслар ҳуқуқий ҳимоя ёки бошпана сўраш жараёнидан ўтмоқда.
ICE уларни зудлик билан мамлакатдан чиқариб ташлашга тўсқинлик қиладиган сабабларни санади: кўриб чиқилаётган апелляциялар, қочқин мақоми каби қўшимча ҳимоя шаклларини олган ёки ҳибсга муқобил дастурларида иштирок этаётган мигрантлар.
«Муҳожирлар депортациядан ҳимоя ёки бошпана, чиқариб юборишни тўхтатиб туриш ёки Қийноқларга қарши конвенция (Convention Against Torture) бўйича ҳимояни ўз ичига оладиган бошқа ҳимоя шаклларига даъво қилишлари мумкин. Агар норезидентга депортациядан ҳимоя ёки енгиллик берилса, ICE депортацияни амалга ошира олмайди», — тушунтирди нашр.
Агентлик маълумотларига кўра, юқоридаги омиллар туфайли депортация тўғрисидаги якуний буйруқларнинг тахминан 55 фоизи ижро этилиши мумкин.
Fox News’нинг ёзишича, 2021 йилдан сўнг депортация ҳужжатларига жойлаштирилган мигрантлар сони тезликда ўсган ва 2023 йилда 3,7 миллиондан 7 миллионга етган. Уларнинг аксарияти яқинда чегарани кесиб ўтган бўлса, баъзилари АҚШда ўнлаб йиллар давомида яшаб келади.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизмати 2024 йил январь-сентябрь ойларида 572 нафар Ўзбекистон фуқаросини мамлакатдан чиқариб юборган. Бу 2023 йилнинг шу давридагидан 6,5 баробар кўп.