Meta компанияси 2021 йилги даъвони ҳал этиш мақсадида АҚШ президенти Доналд Трампга 25 миллион доллар тўлашга рози бўлди. Трамп ушбу даъвони Facebook ва Instagram аккаунтлари блокланган вақтда берганди, деб ёзади The New York Times.
NYT маълумотларига кўра, тахминан 22 миллион доллар Трампнинг президент кутубхонасини молиялаштиришга сарфланади, қолган 3 миллион эса Трамп ва суд жараёнига қўшилган бошқа шахсларнинг юридик харажатларини қоплашга мўлжалланган. Шу билан бирга, Meta даъво доирасида ҳеч қандай қоидабузарликларни тан олмайди.
Қайд этилишича, Meta’нинг компенсация тўлашга рози бўлиши «йирик технологик компания томонидан сезиларли ёнбосиш ва Трамп учун ғалаба ҳисобланади, у авваллари ижтимоий тармоқ платформаларини цензура учун танқил қилган».
Трампнинг Facebook ва Instagramʼдаги аккаунтлари 2021 йил 7 январда — Капитолийдаги тартибсизликларнинг эртаси куни блокланган эди. Meta асосчиси Марк Цукерберг платформалардан «демократик йўл билан сайланган ҳукуматга қарши зўравонлик исёнини қўзғатишда» фойдаланилганини билдирган. Ўша йилнинг ёзида Трамп компанияни судга берган.
Трампнинг аккаунтлари 2023 йил февралдагина блокдан чиқарилди. Meta’нинг глобал масалалар бўйича президенти Ник Клегга кўра, аккаунтлар Доналд Трамп 2024 йилги президентлик сайловларида иштирок этишни режалаштираётгани сабаб блокдан чиқарилган.
Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Цукерберг АҚШ президентининг Флоридадаги қароргоҳига бориб, у билан учрашди. Декабр ойида Meta Трампнинг инаугурация жамғармасига 1 миллион доллар хайрия қилди.